Кения пойтахти Найроби шаҳрида қурилаётган 18 қаватли бино қулаб тушди. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамлар билан овоз орқали алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди. Бир киши эса вайроналар орасидан тирик ҳолда олиб чиқилди.
The Star нашрининг 23 октябрь куни мамлакат полицияси бош инспектори Дуглас Канджага таяниб хабар беришича, ҳодиса шаҳарнинг Истли маҳалласида содир бўлган. Бино тўлиқ қулаб тушган. Дастлаб вайроналар остида бир неча киши қолиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилган, бироқ уларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.
Найроби губернатори Жонсон Сакажанинг маълум қилишича, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Операцияга ҳарбийлар, хизмат итлари билан ишловчи кинологлар ва оғир махсус техника жалб қилинган. Қутқарувчилар жабрланганларга етиб бориш учун бетон бўлаклари орасидан эҳтиёткорлик билан йўл очмоқда, шунингдек, вайроналар остидагиларга тоза ҳаво етиб боришини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Қутқарув ишларига тўпланган одамлар ҳам халақит берган. Тез ёрдам машиналарининг ҳаракатига тўсқинлик қилган оломонни тарқатиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.
Ҳозирча ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг умумий сони ҳақида расмий маълумот берилмаган.

