Испанияда руҳий чарчоқ ва асабий зўриқишни камайтириш учун боғдорчилик машғулотларидан фойдаланиш бошланди. Ҳозирча бу усул Мадрид шаҳри яқинидаги Лас-Росас ҳудудида қўлланилмоқда.
Дастурда 35–65 ёшдаги руҳий зўриқишни бошдан кечираётган кишилар иштирок этади. Улар шифокор тавсияси билан ҳафтада бир марта боғда сабзавот ва кўкатлар етиштиради. Икки ой давом этадиган машғулотларда бир гуруҳда 10 нафаргача киши қатнашади.
Иштирокчиларнинг айтишича, ўсимликларни парваришлаш кундалик ташвишлардан чалғиш, оғир ўйлардан халос бўлиш ва хавотирни камайтиришга ёрдам беради.
Ушбу усулнинг ўзига хос жиҳати шундаки, шифокорлар беморларга даволаниш билан бирга табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказишни тавсия қилувчи махсус йўлланма бериши мумкин.
Лойиҳа ташкилотчилари табиат билан мунтазам мулоқот қилиш организмдаги стресс билан боғлиқ гормонлар миқдорини камайтириш, юрак уришини меъёрлаштириш ва инсоннинг руҳий ҳолатини яхшилашга ёрдам беришини таъкидламоқда.
Шунга ўхшаш усуллар Буюк Британия, Янги Зеландия ва Японияда ҳам қўлланилади.

