Президент кино соҳасидаги муаммоларга тўхталиб, фильмлар сифатини ошириш, ижодкорлар учун тенг шароит яратиш ва давлат буюртмалари тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, бугун профессионал кинотанқидчиларнинг фикри етарлича инобатга олинмаяпти. Ваҳоланки, холис танқид ижодкорга камчиликларини англаш ва маҳоратини оширишга ёрдам беради.
Шунингдек, амалдаги давлат буюртмаси ва кино лойиҳаларини харид қилиш тизими замонавий киноиндустрия талабларига мос келмаётгани айтилди. Айрим режиссёрларга олтитагача, муаллифларга эса еттитагача лойиҳа бириктирилган. Бундай шароитда ҳар бир асарни сифатли тайёрлаш қийинлашади.
Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилаётгани хусусий ижодкорлар учун ҳам тенг рақобат имкониятларини чеклаган. Натижада сифатли сценарий ва фильм яратишдан кўра, топшириқни тезроқ якунлашга устувор аҳамият берилган.
Президент санъат асарини оддий товар ёки қурилиш объекти каби фақат техник топшириқ асосида харид қилиш нотўғри эканини таъкидлади. Унинг фикрича, ижодкор меҳнати натижаси томошабинни ўйлантирадиган ва қалбида из қолдирадиган фильмларда намоён бўлиши керак.
Кино соҳасидаги бошқарув тизими ҳам ўзгартирилади. Кинематография агентлиги тугатилиб, давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади. Вазирлик ҳузурида Кино санъати департаменти ташкил этилиб, унинг раҳбари мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Масъулларга бир ой муддатда янги департамент фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатиш чораларини кўриш топширилди.

