Хитойда сичқон маҳаллий аҳолидан бирининг 33 граммлик олтин занжирини олиб қочиб, девор орасига яширди. Қимматбаҳо буюмни топиш учун полиция ёрдами керак бўлди.
Ван исмли фуқаро хонадонидаги заргарлик буюми йўқолгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Ижарада яшовчи эркак қимматбаҳо буюмларини сақлаш учун ишончли жойи бўлмагани сабабли уч йил давомида олтин занжирни ошхона раковинаси остидаги тумбочкада яшириб келган.
Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари хонани синчковлик билан текширган. Бузиб кириш ёки бегона шахс аралашувига оид излар топилмагач, улар бошқа тахминни илгари сурган. Раковина остидаги конструкцияни қисмларга ажратиш вақтида кемирувчилар излари аниқланган.
Полиция ходимлари девор ёриқлари ва етиб бориш қийин бўлган жойларни текшириб, йўқолган занжирни топишган. Буюм бутун ҳолатда сақланиб қолган, унинг «ўғриси» эса сичқон бўлиб чиққан.
Олтин занжир эгасига қайтарилган. Ҳайратда қолган эркак полиция ходимларига миннатдорлик билдирган. Унинг айтишича, сичқоннинг 33 граммлик занжирни олиб кетганига ишониш қийин бўлган. Эркак полиция ходимларининг синчковлиги бўлмаганида, буюмни ўзи топа олмаслигини таъкидлаган.

