Президент тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар доирасида саратон касалликларини эрта аниқлаш, шифокорлар тайёрлаш ва аҳолига кафолатланган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади.
Маълум қилинишича, ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури Самарқанддан бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилади. Бу мақсадлар учун йилига 700 миллиард сўм ажратилади.
Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш дастурлари ҳам давом эттирилади.
Шунингдек, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида инфаркт ҳамда инсультни эрта аниқлаш ва даволаш дастури натижасида беш ойда ушбу касалликлардан эрта ўлим 15 фоизга камайган. Касаллик бошланганидан кейинги «олтин соат»да 855 нафар инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга эришилган. Келгуси йили ушбу дастур учун 280 миллиард сўм ажратилиб, барча туман ва шаҳарларни қамраб олиш режалаштирилган.
Аҳоли учун кафолатланган тиббий хизматлар пакети ҳам кенгайтирилади. Келгуси йилдан бепул бериладиган дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури эса 36 тага етказилади.
Тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизими ўзгаради
Давлат раҳбари малакали тиббиёт ходимларини тайёрлашни устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Келгуси йилдан тиббиёт талабалари ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.
2027 йилдан тор мутахассисликлар бўйича резидентурада ўқиш бепул бўлади ва талабаларга 3 миллион сўм стипендия тўланади. Резидентура йўналишга қараб икки йилдан беш йилгача давом этади.
Шу билан бирга, бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оға-иниларига 1,5 миллион сўм, магистратура битирувчиларига 2,5 миллион сўм қўшимча устама белгиланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор мутахассисликни эгаллаганларга эса 5,5 миллион сўм устама тўланади.
Тиббиёт муассасаларида озодалик, тартиб ва хизмат маданиятини таъминлаш мақсадида «Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари» жорий этилади. Бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари босқичма-босқич махсус кийим-бош билан бепул таъминланади.
Энг яхши шифокор ва ҳамширалар учун рағбатлантириш чоралари ҳам кучайтирилади. Вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобиль билан тақдирланади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи энг яхши 10 та лойиҳа муаллифига 200 миллион сўмдан грант берилади.
Хусусий сектор хизматларидан ҳам фойдаланилади
Тиббиёт инфратузилмасини аҳоли сони ва ҳудудларнинг жойлашувидан келиб чиқиб режалаштириш, янги муассасаларни мастер-режа асосида ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Давлат тиббиёт муассасаларида айрим хизматларни хусусий сектордан харид қилиш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Тадбиркорларга давлат шифохоналарида замонавий тиббий ускуналар ўрнатиш учун жой ажратилади, кўрсатилган хизматлар учун эса суғурта тизими орқали ҳақ тўланади.
Хусусан, гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматларини хусусий сектордан харид қилиш режалаштирилган.
Келгуси йили ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифаси ҳам белгиланди.
Бундан ташқари, Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар тайёрланади ва генетик текширувлар жорий этилади. Биотехнология ва генетик тадқиқотларда инсон ҳуқуқлари, розилиги ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асослар яратилади.

