Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этиб, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди.
Келаси йилдан Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорларига бериладиган пул мукофотлари 2,5 баробар оширилади. Биринчи ўрин учун 25 миллион, иккинчи ўрин учун 12 миллион, учинчи ўрин учун 6 миллион сўм тўланади.
Шунингдек, Олимпиадада ғолиб бўлиб, Ўзбекистон рекордини янгилаган мактаб битирувчилари олий таълим муассасаларининг спорт йўналишларига имтиҳонсиз, давлат гранти асосида қабул қилинади.
Президент Олимпиадаси дастуридаги спорт турлари сони 35 тага етказилади. Мусобақа 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказилади. Ҳар йили ғолиблардан 50 нафари хориждаги халқаро ўқув-машғулот йиғинларига юборилади, келаси йилдан эса уларга бир йиллик стипендия бериш бошланади. Ўз йўналишида энг яхши натижа кўрсатган спорт мактаби зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Бу йилги Президент Олимпиадасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 3,5 мингдан зиёд ёш 26 та спорт тури бўйича беллашмоқда. Уларга 1,5 минг нафар мураббий ҳамроҳлик қилмоқда.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда ўзбекистонлик спортчилар йирик халқаро мусобақаларда 5 518 та медаль қўлга киритганини, шундан 1 675 таси олтин медаль эканини таъкидлади. Бу кўрсаткич аввалги ўн йилликка нисбатан уч баробар кўп. Медалларнинг учдан бири спортчи қизлар ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, Президент Олимпиадаси ғолибларидан ҳар йили 50 нафарини хориждаги халқаро йиғинларга юбориш, ғолибларга бир йиллик стипендия бериш ва пойтахтдаги Олимпия шон-шуҳрати музейини Олимпия шаҳарчасига кўчириш режалаштирилган.
Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда жаҳон ва Осиё миқёсидаги 20 га яқин йирик спорт мусобақаси ўтказилган. Келаси йил сентябрь–октябрь ойларида Ўзбекистон Озарбайжон билан биргаликда илк бор 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

