Ўзбекистонда «Тошкент — Андижон» йўналишида қатнаётган тезюрар электропоездлар ҳаракатини Самарқандгача узайтириш орқали «Андижон — Самарқанд» йўналишида қатновларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги йўналиш 2027 йил якунига қадар ташкил этилиши кўзда тутилган. У Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган.
Бундан ташқари, 2028 йил якунига қадар Фарғона водийсидаги Қўқон — Поп — Наманган — Андижон — Марғилон — Қўқон ҳалқа йўналиши бўйича кунлик электропоездлар қатновини икки баробарга ошириш ва Поп темир йўл станциясидан Наманган автовокзалигача мунтазам микроавтобус қатновини ташкил этиш белгиланган.
Шунингдек, 2030 йилгача темир йўл, ҳаво ва автомобил транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини ўзаро уйғунлаштириш режалаштирилмоқда.
Жумладан, 2027 йил июл ойидан Тошкент агломерациясида темир йўл вокзаллари, халқаро аэропорт ва марказий автовокзални боғловчи ягона транспорт боғламаси яратилади. Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан қатновчи шаҳар атрофи электропоездлари сони 1,5 баробарга оширилиб, метро бекатларига бевосита трансфер ташкил этилади.

