Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Криминалистлар жиноятчининг ДНКси ҳавонинг ўзидан аниқлаш усулини ишлаб чиқди

31.10.2026 08:06

42

Бу усул жиноятчи қўлқоп кийган ёки анъанавий изларни йўқотиш учун хонадонни тозалаган ҳолатларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Халқаро олимлар гуруҳи жиноят содир этилган жойдаги ҳаво намуналаридан инсоннинг генетик изларини аниқлаш мумкинлигини исботлади. Янги технология анъанавий далилларни, жумладан, бармоқ излари ва бошқа биологик изларни йўқотишга уринган жиноятчиларни фош этишда қўл келиши мумкин.

The Debrief нашри хабар беришича, Осло университети клиникаси мутахассислари бошчилигидаги тадқиқот Осло ва Австралиядаги ҳақиқий хонадонларда ўтказилган 22 та тажрибага асосланган. Ҳар бир тажрибада уйга бостириб кириш ҳолати 15 дақиқа давомида тақлид қилинган. Олимлар эса ҳаво намуналарини йиғиб, шартли жиноятчиларнинг ДНК изларини аниқлашга ҳаракат қилганлар.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ҳаводан олинган генетик материални чанг таркибидаги ДНК билан биргаликда таҳлил қилиш орқали хонада бегона шахс бўлганини аниқлаш мумкин. Бу усул жиноятчи қўлқоп кийган ёки анъанавий изларни йўқотиш учун хонадонни тозалаган ҳолатларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Олимларнинг тушунтиришича, инсон териси ва танасидан ажраладиган микроскопик ҳужайралар доимо атроф-муҳитга тарқалади. Уларнинг айримлари ҳавода муаллақ қолса, бошқалари чанг таркибига қўшилади. Шу сабабли хонадон тозаланганидан кейин ҳам генетик изларнинг бир қисми сақланиб қолиши мумкин.

Тажрибаларда тозалаш ишлари ҳаводаги генетик материал миқдорини камайтирган, аммо уни бутунлай йўқ қила олмаган. Шу билан бирга, таҳлил аниқлигига хонадаги ҳарорат, намлик ва яшовчиларнинг аввалдан мавжуд бўлган ДНК излари ҳам таъсир кўрсатган.

Тадқиқот муаллифлари технология ҳозирча илмий синов босқичида эканини таъкидламоқда. Уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар амалиётига жорий этиш учун ҳаво намуналарини йиғишнинг ягона стандартлари ва олинган натижаларни тўғри талқин қилиш протоколларини ишлаб чиқиш зарур.

Қайд этиш жоизки, экологик ДНК (eDNA) таҳлили дастлаб биологлар томонидан сув ва тупроқдаги тирик организмларни аниқлаш учун ишлаб чиқилган. Кейинчалик олимлар ғорлардаги ҳаводан ҳам кемирувчилар ва кўршапалакларнинг генетик изларини аниқлаш мумкинлигини кўрсатган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган