Британиялик физик Брайан Кокс АҚШнинг Невада штатидаги махфий 51-ҳудуд ҳарбий базасида ўзга сайёраликлар ёки уларнинг кемалари сақланаётганига ишонмаслигини билдирди. Унинг фикрича, ҳукуматлар бундай улкан сирни узоқ вақт яшира олмайди.
LADbible нашрига берган интервьюсида олим давлатлар ядровий қурол технологиялари каби ҳарбий сирларни сақлаши мумкинлигини, бироқ бутун бошли ўзга сайёраликлар базасини махфий тутиш амримаҳол эканини таъкидлаган.
«Ҳукуматлар билан мулоқот қилиш тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, улар бундай улкан сирни сақлай олишига ҳайрон қолардим. Менимча, у ерда бундай нарсалар умуман йўқ», — деган Кокс.
Физикнинг фикрича, 51-ҳудуддаги махфий объектлар ўзга сайёраликлар кемалари эмас, балки янги авлод учувчисиз аппаратлари ва ҳарбий технологиялар бўлиши эҳтимоли юқори.
Қайд этиш жоизки, 51-ҳудудда АҚШнинг U-2 разведка самолётлари синовдан ўтказилган. 1950-йилларда уларнинг ғайриоддий кўриниши ва баланд парвози одамлар томонидан ўзга сайёраликлар кемалари сифатида талқин қилинган.

