Ўзбекистонда аҳолининг 80,8 фоизи янгиликларга мунтазам ёки вақти-вақти билан қизиқади. Telegram мессенжери эса мамлакатда янгилик олишнинг энг оммабоп манбасига айланган.
Бу ҳақда 2 ноябр куни Тошкентда тақдим этилган «Ўзбекистонда медиа истеъмолини ўрганиш бўйича миллий тадқиқот» натижаларида маълум қилинди.
Масс медиа фонди ташаббуси билан ўтказилган сўровда 1 411 нафар респондент иштирок этган. Уларнинг 50,4 фоизи янгиликларни мунтазам кузатишини, 30,4 фоизи эса вақти-вақти билан қизиқишини билдирган. Яна 15,1 фоиз иштирокчи фақат муҳим воқеаларни кузатса, 4,1 фоизи янгиликларга умуман қизиқмаслигини айтган.
Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг 51,6 фоизи мамлакат янгиликларини Telegram каналлари орқали олади. Бу кўрсаткич телевидениеда 44,6 фоизни ташкил этган.
Ижтимоий тармоқлардан янгилик олувчилар улуши 41,6 фоиз, YouTube ва видеоблоглар аудиторияси 31,3 фоиз, интернет нашрлари ва янгилик сайтларини кузатувчилар эса 30 фоизни ташкил қилган.
Радиодан ахборот олувчилар 7,2 фоиз, босма газета ва журналлардан фойдаланувчилар 5,2 фоиз бўлган.
Ёш гуруҳлари ўртасида сезиларли фарқ кузатилган. Хусусан, 18–24 ёшдагиларнинг 66,2 фоизи янгиликларни Telegram каналларидан олса, 55 ёшдан катта респондентларнинг 77,4 фоизи телевидениени афзал кўради.
Сўров иштирокчиларининг 86,1 фоизи Telegram мессенжеридан фойдаланишини билдирган.
Бу кўрсаткич 18–24 ёшдагилар орасида 94,7 фоиз, 25–34 ёшдагиларда 95,8 фоиз, 35–44 ёшдагиларда 91,3 фоиз, 45–54 ёшдагиларда 84,7 фоиз ва 55 ёшдан катталарда 63,8 фоизни ташкил этган.
Ўзбекистонликлар қандай янгиликларга қизиқади?
Тадқиқотга кўра, респондентларнинг энг катта қисми – 56 фоизи Ўзбекистондаги воқеаларга қизиқиш билдирган.
Халқаро янгиликларга қизиқувчилар 40 фоиз, маҳаллий ва вилоят янгиликларини кузатувчилар 22 фоиз бўлган. Давлат бошқаруви ва сиёсат мавзуларига 21,7 фоиз, таълим ва фанга 20,7 фоиз, соғлиқни сақлашга 17,6 фоиз респондент қизиқиш билдирган.
Шунингдек, 18–24 ёшдагиларнинг 33,5 фоизи таълим ва фан янгиликларига, аёл респондентларнинг 25,2 фоизи эса соғлиқни сақлаш мавзусига қизиқиши аниқланган.

