Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш, уларнинг хорижда орттирган тажрибасидан маҳаллий иқтисодиётда самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.
Давлат раҳбари хорижда замонавий технологиялар ва меҳнат маданиятини ўзлаштирган ўзбекистонликлар маҳаллий корхоналар учун катта имконият эканини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига уларга муносиб иш ўринларини таклиф қилиш вазифаси юклатилди.
Йил якунига қадар хориждан қайтган 250 минг нафар фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда. Бунинг учун уларнинг аввалги иш жойи, касби ва меҳнат стажи ҳақидаги маълумотларни жамлайдиган ягона электрон платформа яратилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга ҳам амалий кўмак кўрсатилади.
Шунингдек, Президент мигрантларни кам даромадли иш ўринларига йўналтираётган ҳокимларни танқид қилиб, уларнинг бандлигини мунтазам таҳлил қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш зарурлигини таъкидлади.
Хорижда қонуний меҳнат қилаётган фуқароларнинг иш стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш масаласи ҳам кўтарилди. Қайд этилишича, айни пайтда ўзбекистонликлар 40 дан ортиқ давлатда қонуний ишлаб, солиқлар билан бирга пенсия бадалларини ҳам тўламоқда.
Йиғилишда Ўзбекистонда узоқ муддат яшаётган хорижликлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Мамлакатда бундай фуқаролар сони 250 минг нафарга яқинлашган. Уларнинг иш фаолияти ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумот тўплаш учун бир ой муддатда мониторинг платформасини ишга тушириш топширилди.
Маълум қилинишича, ишлашга рухсат олган хорижликларнинг 80 фоизи қурилиш, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилмоқда. Президент янги иш ўринларига биринчи навбатда Ўзбекистон фуқароларини жойлаштириш лозимлигини қайд этди.

