Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) вольфрам йўналишида мустақил халқаро аудитдан ўтиб, RMAP Conformant мақомини қўлга киритди. Комбинат маълумотига кўра, бу Марказий Осиё вольфрам саноатидаги биринчи шундай натижадир.
Бугун жаҳон бозорида металлнинг сифати ва нархи билан бир қаторда, унинг келиб чиқиши ҳам муҳим. Халқаро харидорлар хомашё манбалари ва таъминот занжирининг шаффофлигига тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда.
RMAP минерал хомашёни масъулиятли етказиб бериш талабларига мувофиқликни баҳолаш дастуридир. Унинг доирасида корхонанинг хомашё манбаларини текшириш ва таъминот занжиридаги хавфларни бошқариш амалиёти мустақил аудитдан ўтказилади. Conformant мақоми ушбу амалиётнинг дастур талабларига мувофиқлигини билдиради.
ТМКнинг мазкур мақомга эришиши Ўзбекистон вольфрамига бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун муҳим асос яратади. Бу масъулиятли таъминот талабларига амал қиладиган йирик саноат компаниялари билан ҳамкорлик қилишда аҳамиятлидир.
RMAP тизими Европа комиссияси томонидан ҳам расман тан олинган.
Эришилган натижа Ўзбекистон вольфрамининг халқаро таъминот занжирларидаги иштирокини кенгайтириш ва янги экспорт бозорларига чиқишига кўмаклашиши кутилмоқда.

