Шимолий Корея АҚШ Федерал тергов бюросининг (ФБР) Binance криптобиржасига уюштирилган киберҳужумга Пхеньяннинг алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларини рад этди. Ҳужум оқибатида қарийб 6,3 миллиард долларлик криптоактивлар ўғирлангани айтилмоқда.
Бу борада КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим мудири Ким Ё Чжон баёнот берди. У АҚШнинг айбловларини навбатдаги провокация деб атади. Унинг фикрича, Вашингтон турли мамлакатларда содир этилаётган кибержиноятлар ортида Пхеньян тургани ҳақида тасаввур уйғотишга уринмоқда.
«Халқаро ҳамжамият АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, 2025 йилда ноқонуний йўл билан қўлга киритилган криптоактивлар давлатнинг стратегик захирасини шакллантириш мақсадида мусодара қилингани ҳақида эълон қилганини яна бир бор эслаши лозим. Агар ўғирланган деб аталган улкан криптоактивлар қайтарилган тақдирда, улардан ким тўлиқ манфаат кўришини таҳлил қилсак, бу хакерлик ҳужуми ортида ким турганига ишора бўлиши мумкин», — дея Ким Ё Чжоннинг сўзларини Корея марказий телеграф агентлиги (ЦТАК) келтирган.
Аввалроқ, 31 октябрь куни АҚШ ФБРи киберҳужум ортида TraderTraitor гуруҳига мансуб шимолий кореялик хакерлар турганини маълум қилган эди. Идора маълумотига кўра, ҳужумчилар ўғирланган активларни асосан Ethereum (ETH) криптовалютасига айлантира бошлаган. ФБР ҳужумга алоқадор криптоҳамёнлар рўйхатини эълон қилиб, биржалар ва айирбошлаш хизматларини улар билан боғлиқ операцияларни блоклашга чақирган.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳеллоуин муносабати билан ўтказилган тадбирда журналистлар билан суҳбатлашар экан, Шимолий Кореянинг ҳужумга алоқадорлиги ҳозирча аниқланмаганини айтган. Бу ҳақда Associated Press хабар берган.
Binance криптобиржаси етказилган зарарни тахминан 6,3 миллиард долларга баҳолаган. TRM Labs таҳлилчилари ушбу ҳодисани криптовалюта тарихидаги энг йирик ўғирлик деб атаган. Биржа маълумотига кўра, 2 ноябрь ҳолатида йўқотишларнинг қарийб 95 фоизи компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланган. Айрим қўшимча активлар бўйича маблағларни ечиб олиш имкониятини 3 ноябрдан тиклаш режалаштирилган эди.

