Қозоғистон Бош прокуратураси Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида юз берган фожиа бўйича гумонланувчилар доирасини кенгайтирди. Иш доирасида қамоққа олинганлар сони олти нафардан саккиз нафарга етди.
Маълум қилинишича, ҳозирга қадар 300 нафардан ортиқ киши сўроқ қилинган, 30 дан зиёд суд экспертизаси ва тадқиқотлари ўтказилган. Тергов ҳаракатлари якунланиш босқичида бўлиб, яқин вақт ичида жараён иштирокчилари иш материаллари билан таништирилади.
Суд қарори билан хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш ва кемаларни бошқариш қоидаларини бузишда гумонланаётган саккиз нафар мансабдор шахс қамоққа олинган. Улар орасида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони, унинг биринчи ўринбосари ва жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, икки ҳарбий қисм, батальон ва денгиз пиёдалари ротаси командирлари, шунингдек, машғулотларда қатнашган катер капитани бор.
Бош прокуратура дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилмаслик тўғрисидаги қонунчилик талабларини инобатга олиб, гумонланувчиларнинг исм-шарифларини маълум қилмаган.
Ҳодиса сентябрь ойи охирида Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Каспий денгизида ҳарбий машғулотлар вақтида содир бўлган. Ўшанда 17 нафар ҳарбий очиқ денгизга оқиб кетган. Оқибатда 14 киши ҳалок бўлган, уч нафари эса қутқарилган.
Фожиадан сўнг Қозоғистонда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти алмаштирилиб, Қуролли кучларда кенг кўламли ислоҳот бошланган.

