Тошкентда заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган қозоғистонлик ёш футболчилар ва уларнинг яқинлари соғайиб, ўз юртига қайтиб кетди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қарағандидан келган футболчилар ва делегация аъзолари 1 ноябрь куни пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида нонушта қилганидан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилган. Дастлаб 13 киши қусиш, ич кетиши, қорин оғриғи ва тана ҳарорати кўтарилишидан шикоят қилган. Кейинчалик яна 7 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Жами 20 нафар беморга, жумладан, болалар ва катталарга «ўткир диарея» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг бир қисми аввалроқ шифохонадан чиқарилган, қолган беморлар ҳам даволаниб, бугун уйига жавоб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан санитария қонунчилиги талабларини бузиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган.

