Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Венгрияда коммунистик режим давридаги махсус хизматлар архивидан 60 мингга яқин кишининг маълумотлари очиқланди

06.11.2026 07:59

43

Архив маълумотларига кўра, рўйхатга олиш карточкалари ва ишга жалб қилиш журналларининг ҳар бирида тахминан 25 мингтадан исм мавжуд. 1970-йиллардан шакллантирилган электрон базада эса 55 мингга яқин шахс қайд этилган.

Венгрияда коммунистик режим даврида махсус хизматлар архивларида қайд этилган 60 мингга яқин кишига оид маълумотлар ошкор қилинди. Ҳужжатлар махсус веб-сайт орқали жамоатчилик учун очиқланди.

4 ноябрь куни Венгрия Давлат хавфсизлиги хизматлари тарихий архиви 1990 йилгача тузилган маҳфий ҳужжатларнинг учта тоифаси билан танишиш имкониятини яратди. Улар орасида агентларнинг рўйхатга олиш карточкалари, 1957–1962 йиллардаги ишга жалб қилиш журналлари ҳамда собиқ ахборот етказувчиларнинг шахсий маълумотлари ва тезкор тахаллуслари акс этган электрон реестр бор.

Фойдаланувчилар nyitottaktak.hu сайтида шахснинг исми, туғилган санаси ва жойи, шунингдек, агентлик тахаллуси орқали маълумот қидириши мумкин.

Архив маълумотларига кўра, рўйхатга олиш карточкалари ва ишга жалб қилиш журналларининг ҳар бирида тахминан 25 мингтадан исм мавжуд. 1970-йиллардан шакллантирилган электрон базада эса 55 мингга яқин шахс қайд этилган. Маълумотларнинг бир қисми такрорлангани сабабли, ҳужжатларда тилга олинган кишиларнинг умумий сони 50–60 минг нафар атрофида баҳоланмоқда.

Кейинги босқичда ҳокимият тахминан 10 мингтадан иборат ишга жалб қилиш ҳужжатларини ҳам эълон қилишни режалаштирмоқда. Уларнинг умумий ҳажми юз минглаб саҳифани ташкил этади.

Архив раҳбари Герге Бендецуз Чехнинг таъкидлашича, сақланиб қолган ҳужжатлар тўлиқ эмас ва улардаги маълумотлар ҳар доим ҳам ишончли бўлавермайди.

Мутахассислар баҳосига кўра, Венгрияда коммунистик бошқарув даврида, яъни қарийб 40 йил мобайнида махсус хизматлар 150 мингга яқин ахборот етказувчини ҳамкорликка жалб қилган бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг фақат учдан бир қисмининг исмлари маълум.

Архивда исми қайд этилган шахслар орасида асосан оддий фуқаролар — ресторан ва меҳмонхона ходимлари, сотувчилар, ҳайдовчилар, темирйўлчилар ҳамда фермерлар бор.

Архив маъмурияти алоҳида таъкидлашича, шахснинг исми махсус хизматлар ҳужжатларида учраши унинг давлат хавфсизлиги органлари билан ҳақиқатан ҳам ҳамкорлик қилганини ёки буни ихтиёрий равишда бажарганини англатмайди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган