9–12 ноябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво кескин ўзгариб, ҳарорат сезиларли пасаяди. Айрим ҳудудларда кучли ёмғир ва қор ёғиши, тоғли жойларда эса қор бўронлари кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет шторм огоҳлантириши эълон қилди.
Маълум қилинишича, 9–10 ноябрь кунлари республиканинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик кутилмоқда. Бунинг натижасида сув тошқинлари ва сел ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Ҳарорат 9 ноябрдан шимолий ҳудудларда, 10–11 ноябрдан эса республиканинг бошқа ҳудудларида пасаяди.
Шимолда тунги ҳарорат —7 даражагача, бошқа ҳудудларда эса 0…—3 даражагача совуқ бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво шимолда +8, қолган ҳудудларда +13 даражагача илийди.
Фуқаролардан об-ҳаво шароитини инобатга олиб, эҳтиёт чораларини кўриш сўралди.

