Япония марказида 8 ноябрь куни эрталаб кучли зилзила содир бўлди. Оқибатда камида 22 киши жароҳатланган, савдо дўконлари ва биноларга зарар етган.
Associated Press агентлигининг хабар беришича, Япония Метеорология агентлиги зилзила магнитудасини 5,7 балл деб баҳолаган. АҚШ Геология хизмати эса унинг магнитудасини 5,5 деб қайд этган. Асосий силкинишдан кейин бир нечта афтершоклар ҳам кузатилган.
Зилзила ўчоғи Сидзуока префектураси ҳудудида, ер сатҳидан тахминан 40 километр чуқурликда жойлашган. Силкинишлар Айти, Яманаси ва Гифу префектуралари, шунингдек, Хамамацу, Киото ва Нара шаҳарларида сезилган.
Маҳаллий телеканаллар тарқатган кадрларда дўконларнинг синган ойнаси, кўчаларга сочилиб кетган шиша парчалари акс этган. Китоб дўконларидан бирида эса кучли силкиниш туфайли жавонлардаги китоблар ерга ағдарилган.
Жароҳатланганларнинг аксарияти зилзила пайтида хавфсиз жойга қочишга уринганида зинапоялардан йиқилиб тушган.
Япония Метеорология агентлиги яқин кунларда, айниқса, кейинги икки-уч кун ичида яна кучли ер силкинишлари содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шунингдек, аҳолига кучли ёмғирлар оқибатида кўчкилар ва тоғ жинсларининг қулаши хавфи борлиги эслатилди.
Хавфсизлик чоралари доирасида айрим тезюрар поездлар ҳаракати ҳам секинлаштирилган. Расмийлар ҳозирча Нанкай чуқурлиги ҳудудида йирик зилзила хавфи билан боғлиқ ғайриоддий ўзгаришлар аниқланмаганини билдирган.

