Ўзбекистонда электротехника саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқоти чоғида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2016 йилда мамлакатда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 триллион сўмни ташкил этган. Кейинги ўн йилда соҳага 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган.
Шунингдек, маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар ва юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Жорий йилда соҳага 600 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши, экспорт ҳажмини эса 1,6 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Маълум қилинишича, сўнгги ўн йилда электротехника маҳсулотлари экспорти 14 баробар ўсган.
Президент соҳада эришилган натижалар мавжуд имкониятларга нисбатан ҳали етарли эмаслигини таъкидлаб, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш зарурлигини қайд этган.
Бунда электротехника саноати учун муҳим хомашё ҳисобланган мис ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилган. Натижада мис ишлаб чиқариш ҳажмини 300 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари барпо этилаётгани электротехника маҳсулотларига бўлган талабни ошириши таъкидланган. Келгуси ўн йилда ҳамкорлар билан 450 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.

