АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Техас штатида махсус пашша кўпайтириш фабрикасини қуриш учун 690 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирди.
Корхонанинг асосий вазифаси чорва моллари ва бошқа ҳайвонлар учун хавфли бўлган Янги Дунё гўшт пашшасига қарши курашишдан иборат. Ушбу пашша личинкалари ҳайвонларнинг очиқ яраларига кириб, тирик тўқималар билан озиқланади. Айрим ҳолларда одамлар ҳам бу паразитдан зарарланиши мумкин.
Лойиҳа доирасида пашшалар махсус шароитда кўпайтирилади, сўнгра нурлантириш орқали насл қолдириш қобилиятидан маҳрум қилинади. Кейин улар табиий муҳитга қўйиб юборилади. Натижада зараркунанда пашшаларнинг кўпайиши чекланади.
Авиабаза Мур ҳудудида қурилаётган фабрика 2027 йил охирига келиб ҳафтасига 100 миллионта, 2028 йил охирига бориб эса 300 миллионта стерил пашша ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши кутилмоқда.
Фабрика қурилишига эҳтиёж зараркунанда тарқалишининг кучайиши билан боғлиқ. Жорий эпизоотик мавсумда 3 июнь куни Техасда бузоқда паразит билан зарарланишнинг биринчи ҳолати аниқланган. Октябрь ойи охирида эса Аризона штатида итда ҳам ушбу паразит қайд этилган. Бу штат тарихидаги илк шундай ҳолат бўлган.

