Жаҳон меҳнат бозорида кадрлар етишмовчилиги тобора кучайиб, бу муаммо энди нафақат юқори технологиялар, балки саноат, қурилиш, транспорт, тиббиёт ва таълим соҳаларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) таҳлилчилари 38 та давлат кўрсаткичлари асосида ўтказган тадқиқотда муҳандислар, электриклар, қурувчилар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва транспорт мутахассисларига талаб юқори эканини қайд этган.
Муаммо айрим мамлакатларда янада кескин тус олмоқда. Масалан, Польшада компанияларнинг қарийб 60 фоизи ишчи кучи етишмаслиги фаолиятига жиддий тўсқинлик қилаётганини билдирган. Мамлакатда 2025 йилда хорижлик ишчиларга 250 мингга яқин меҳнат рухсатномаси берилган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 22 фоиз кам.
Венгрияда аҳолининг қариши ва ёшларнинг оғир жисмоний меҳнатга қизиқиши пастлиги сабабли корхоналар ходим топишда қийналмоқда. Буюк Британияда эса кексаларни парваришлаш муассасалари хорижлик мутахассисларга боғлиқ бўлиб қолгани сабабли миграция қоидаларининг кучайтирилиши кадрлар танқислигини янада ошириши мумкин.
Мутахассислар муаммони ҳал қилиш учун касб-ҳунар таълими ва қайта тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, аёллар, 50 ёшдан ошганлар ва мигрантларни меҳнат бозорига фаол жалб этишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект ва автоматлаштириш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш ҳам муҳим ечимлардан бири сифатида кўрилмоқда.
БМТ Тараққиёт дастури маълумотларига кўра, келгуси ўн йилда жаҳон меҳнат бозорига қарийб 1,2 миллиард ёш кириб келади. Бироқ ҳозирги баҳоларга кўра, уларнинг фақат 400 миллион нафари учун иш билан таъминланиш имконияти мавжуд.

