Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда чорвачиликни барқарор ривожлантиришга қаратилган лойиҳа учун 60 млн долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бундан ташқари, лойиҳага яна 8 млн доллар грант маблағлари йўналтирилади.
Лойиҳа Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги қарийб 29 минг кичик фермер хўжалигини қамраб олади. Унинг доирасида яйловларни бошқаришни яхшилаш, чорва учун озуқа етиштиришни кенгайтириш, суғориш нуқталарини тиклаш ҳамда ветеринария хизматларини кучайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, яйловларни сунъий интеллект ёрдамида кузатиш тизими жорий этилади. Фермерлар учун қишлоқ хўжалиги тавсиялари ва қурғоқчилик ҳақида эрта огоҳлантириш хабарларини етказувчи мобил илова ҳам ишлаб чиқилади.
Қўшимча грант маблағларининг 5 млн доллари Яшил иқлим жамғармаси, 3 млн доллари эса Япония ҳукумати молиялаштирадиган ЖФПР жамғармаси ҳиссасига тўғри келади. Натижада лойиҳанинг умумий молиялаштириш ҳажми 68 млн долларга етади.
ОТБ маълумотларига кўра, лойиҳа чорвачилик соҳасининг қурғоқчилик, юқори ҳарорат ва сув танқислиги каби иқлим хавфларига чидамлилигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Ҳозирча кредитнинг фоиз ставкаси ва қайтариш муддати очиқланмаган.

