Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги фармони билан Янги Тошкент шаҳрида бошқарув тизими тасдиқланди. Ҳужжатга мувофиқ, шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади ва ҳоким Президент томонидан лавозимга тайинланади ҳамда озод этилади.
Ҳоким тегишли маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилгунига қадар фаолият юритади.
Ҳокимлик аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади. Унга ҳоким, биринчи ўринбосар ва икки нафар ўринбосар, ёрдамчи, ахборот хизмати раҳбари, ташкилий-назорат гуруҳи, бош ҳисобчи, бош юрисконсульт ҳамда девонхона киради. Ҳоким ўринбосарларининг вазифа йўналишларини ҳудудни ривожлантириш режаларидан келиб чиқиб белгилайди.
Шунингдек, шаҳарда 16 та давлат органи ва ташкилотининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Улар учун жами 30 та штат бирлиги ажратилади. Жумладан, экология, статистика, иқтисодиёт ва молия, инвестициялар, таълим, қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, маданият, кадастр, ёшлар ишлари, оила ва хотин-қизлар ҳамда санитария-эпидемиология йўналишларида бўлинмалар очилади. Бундан ташқари, Президентнинг Халқ қабулхонаси, тиббиёт бирлашмаси, солиқ инспекцияси ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритади.
Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир ой муддатда Янги Тошкентда ўз тузилмаларини ташкил этади. Ушбу бўлинмалар мазкур идораларнинг амалдаги штатлари ҳисобидан шакллантирилади.
Фармонга кўра, ҳокимлик дирекцияга бириктирилган ҳудудларда Тошкент вилояти ва туманлари органлари ваколатига кирадиган масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиши мумкин. Ҳокимлик ва унинг бўлинмаларини сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.
Ҳужжатда белгиланмаган бошқа давлат идоралари эса Янги Тошкентда Тошкент вилоятидаги мавжуд бўлинмалари орқали ишлашда давом этади.
Ҳокимлик ва унинг бўлинмалари вақтинча собиқ «Янги Тошкент» лойиҳа офиси биносига жойлаштирилади. Уларга мазкур бинодан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

