Тошкентда собиқ қўриқчи ўзи аввал ишлаган ўқув марказидаги пулларни босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган уч нафар шериги билан қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган собиқ қўриқчи ўқув марказининг ички тартиби ва пул сақланадиган жойни яхши билган. У уч нафар танишини жалб қилиб, марказга ниқобда кириш, электр таъминотини узиш ва пулларни қопларга жойлаб олиб чиқиб кетиш режасини тузган.
Гуруҳ аъзоларидан бири жиноятни яшириш мақсадида аёллар кийимини кийиши ҳам режалаштирилган. Улар пулларни қўлга киритгач, Фарғона орқали қўшни давлатлардан бирига чиқиб кетмоқчи бўлган.
Бироқ тезкор тадбир натижасида жиноий режа амалга ошмасдан, гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Улардан ниқоблар, болға, қоплар, рациялар, қўлқоплар ва эшикларни очишга мўлжалланган махсус мосламалар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган, дастлабки тергов давом этмоқда.

