Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Республика болалар тиббий реабилитация марказида бемор болалар ва ўсмирларга девор ювдирилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат Болалар омбудсмани ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, 11 ноябрь куни марказ ходими йўлак деворларида болалар қолдирган оёқ изларини аниқлаган. Шундан сўнг из қолдирган болалар деворларни тозалашга жалб қилинган. Бу иш хўжалик ишлари бўйича масъул ходимнинг қарори билан амалга оширилган.
Болалар омбудсмани ва вазирликнинг ишчи гуруҳи ҳолатни текширмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, айбдор ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.

