Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларига навбат асосида йўллаш тартиби белгиланди. Бу ҳақдаги идоравий ҳужжат Адлия вазирлигида 13 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, фуқаролар марказларга «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали электрон навбат асосида юборилади. Навбат марказлардаги бўш ўринлардан келиб чиқиб автоматик шакллантирилади.
Йўлланма олиш учун фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, ижтимоий ходимлар орқали ёки бевосита оилавий шифокорга мурожаат қилиши мумкин. Бунда реабилитация хизматини қайси марказда, амбулатор ёки стационар шароитда олишни ариза берувчининг ўзи танлайди.
Оилавий шифокор беш иш куни ичида тиббий кўрик ўтказади. Тиббий кўрсатмалар мавжудлиги ва қарши кўрсатмалар йўқлиги тасдиқланса, электрон йўлланма шакллантирилади.
Қайд этилишича, аризани кўриб чиқиш, йўлланма бериш ва реабилитация хизматлари бепул амалга оширилади. Фуқаролар навбат ҳолатини реал вақт режимида кузатиши, навбат келишига 10 кун қолганда эса СМС-хабарнома орқали огоҳлантирилиши мумкин.

