Таиланд ҳудудидан оқиб ўтувчи Меконг дарёсида ғайриоддий жароҳатлар билан қопланган балиқлар аниқланди. Балиқчилар пуфакчалар, ғалати ўсмалар ва ранги ўзгарган сузгичларга эга бўлган лаққа балиқларни учратган.
Мутахассислар бу ҳолатни дарёнинг юқори оқимидаги кон қазиш ишлари туфайли сувга мишьяк ва бошқа оғир металлар тушиши билан боғламоқда.
Тадқиқотларга кўра, 2024 йилдан буён оғир металлар миқдори кескин ошган. Жорий йил август ойида Таиланднинг Лоэй ва Нонгкхай провинцияларидаги ер усти сувларида мишьяк миқдори меъёрдан 3–4 баравар юқори бўлган. Меконгга қуйиладиган Сай дарёси суви намуналарида эса бу кўрсаткич меъёрдан 30 баравар ошган.
Олимлар маҳаллий сув ҳавзаларидан 60 га яқин балиқни текширган. Уларнинг олтитасида йирик пуфакчалар, яна 30–40 тасида эса сузгич ва дум қисмларининг қизариши, майда яралар ҳамда шикастланишлар кузатилган.
Мутахассислар маҳаллий аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган ушбу балиқлар орқали заҳарли металлар инсон организмига ҳам тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Сувда оғир металлар борлиги Таиланддан ташқари Лаос, Мьянма ва Хитой ҳудудларида ҳам қайд этилган.

