Астрономлар J0008+0128 юлдузлар тизимида одатий юлдузлар эволюцияси моделларига мос келмайдиган сирли объектни аниқладилар. Унинг массаси Қуёш массасидан 2,8 баравар катта бўлиши мумкин.
Тадқиқот натижалари «Science Advances» журналида эълон қилинган. Олимларнинг фикрича, бу объект ўта оғир нейтрон юлдуз бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Объектнинг гравитацияси унинг ёнидаги қизил гигант юлдуз ҳаракатига таъсир кўрсатмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, у Қуёш массасидан 2,5–5 баравар катта бўлган оралиққа тўғри келади. Бу эса астрономлар ҳозиргача «ўлик юлдузлар»ни аниқламаган масса чегараси ҳисобланади.
Тадқиқот ҳаммуаллифи, Хитой Миллий астрономия расадхонаси олими Сун Ваннинг айтишича, J0008+0128 ҳозиргача аниқланган 10 дан ортиқ шундай нейтрон юлдуз орасида массаси энг каттасидир.
Яна бир жумбоқ — объектнинг орбитал ҳаракати. У ўз ҳамроҳи атрофида 1218 кунда бир марта айланади. Бундай узоқ айланиш даври одатда нейтрон юлдузлар ҳамроҳ юлдуздан модда тортиб олиши орқали массасини оширадиган сценарийга мос келмайди.
Олимлар тизим аввал учта юлдуздан иборат бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Уларнинг иккитаси қўшилиб, улкан нейтрон юлдузни ҳосил қилган бўлиши ёки камдан-кам ҳолларда ўта янги юлдуз (супернова) портлаши натижасида шундай оғир объект пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассислар ушбу кашфиёт юлдузлар эволюцияси ва ўта янги юлдузлар портлаши ҳақидаги мавжуд назарияларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатаётганини таъкидламоқдалар.

