Яманнинг Таиз шаҳрида давом этаётган фуқаролар уруши оқибатида ичимлик суви ишлаб чиқариш кескин камайган. БМТ маълумотига кўра, ҳозирда сув таъминоти тизими шаҳар эҳтиёжининг атиги 8 фоизини қопламоқда.
Ёқилғи танқислиги насос станцияларининг узилишлар билан ишлашига сабаб бўлмоқда. Чиқиндиларни олиб чиқишдаги муаммолар ва санитария ҳолатининг ёмонлашуви эса юқумли касалликлар тарқалиши хавфини оширмоқда.
Шаҳарда аллақачон 5 мингдан ортиқ диарея ҳолати қайд этилган. Шунингдек, денге иситмаси ва вабо касалликларига гумон қилинган ҳолатлар аниқланган.
БМТ гуманитар ёрдам етказиб беришни узлуксиз таъминлаш, аҳолининг ёқилғи, дори-дармон, тоза ичимлик суви ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яратишга чақирди.

