Адлия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги айрим таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига оид ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда вазирлик маълум қилди.
2026 йил 16 ноябрда 3975-сон билан рўйхатдан ўтказилган ҳужжатга мувофиқ, мазкур муассасаларнинг бош ҳисобчилари, етакчи ҳисобчилари, ҳисобчилари ҳамда кадрлар бўйича инспекторлари учун тариф разрядлари ва кўп йиллик иш стажи учун ойлик устамалар белгиланмоқда.
Устамалар лавозим маошига нисбатан иш стажига қараб қуйидагича тўланади:
- 1 йилдан 3 йилгача — 30 фоиз;
- 3 йилдан 5 йилгача — 60 фоиз;
- 5 йилдан 10 йилгача — 80 фоиз;
- 10 йилдан 15 йилгача — 100 фоиз;
- 15 йил ва ундан ортиқ — 120 фоиз.
Мазкур тартиб реабилитация марказига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, махсус ва ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлар, махсус техникумлар ҳамда инклюзив-ресурс марказлари каби муассасаларга тааллуқли.

