Сунъий интеллектга маҳсулотлар буюртма қилишни ишониб топширган америкалик инвестор кутилмаган ҳолатга дуч келди. Унинг СИ ёрдамчиси рўйхатда бўлмаган 72 дона тухумни буюртма қилиб юборди. Энг қизиғи, ёрдамчи бу қарорни нима сабабдан қабул қилганини ўзи ҳам тушунтира олмади. Бу ҳақда Futurism хабар берди.
Rebellionaire инвестиция компанияси раҳбари Мэтт Смит ушбу ҳолат акс этган ёзишмани X ижтимоий тармоғида эълон қилди.
Унда СИ агенти ҳар бирида 18 донадан тухум бўлган тўртта қадоқни харид саватига қўшганини маълум қилган. Смит бунча тухум нима учун кераклигини сўраганида, ёрдамчи аввал маҳсулотлар рўйхати туширилган суратдаги ёзувни нотўғри ўқиганини айтган.
Бироқ инвестор рўйхатда тухум умуман бўлмаганини билдирган. Шундан сўнг СИ агенти уларни ҳеч қандай сабабсиз буюртмага қўшганини тан олган.
Бу Смит учун сунъий интеллектнинг «галлюцинацияси» реал ҳаётда бевосита оқибатларга олиб келган биринчи ҳолат бўлган.
Нашрда келтирилган MIT Project NANDA тадқиқотига кўра, 2025 йилда компанияларда синовдан ўтказилган генератив СИ лойиҳаларининг тахминан 95 фоизи сезиларли иқтисодий натижа бермаган. Мутахассислар бунинг асосий сабабини технологияларни иш жараёнларига тўғри мослаштирилмаганида кўради.
Шунга қарамай, компаниялар СИ агентларига тобора кўпроқ вазифаларни, жумладан, банк ҳисоблари ва ақлли уй тизимларини бошқаришни ҳам ишониб топширмоқда.
Gartner таҳлил агентлиги прогнозига кўра, 2026 йил охирига келиб корпоратив иловаларнинг 80 фоизида СИ агентлари қўлланилиши мумкин. Мутахассислар эса бундай тизимлар устидан қатъий назорат ва хавфсизлик чоралари бўлмаса, оддий хатолар ҳам катта молиявий зарарга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

