Ўзбекистонда шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, ҳақорат қилиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Айрим ҳолларда ҳақорат қилган шахсга 264 млн сўмгача жарима солиниши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилган шахсга БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача, яъни 8,8 млн сўмдан 17,6 млн сўмгача жарима тайинланади.
Агар шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида яна ҳақорат қилса, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади. Жиноят кодексининг 140-моддасига мувофиқ, бундай ҳолатда 88 млн сўмгача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилиши мумкин.
Ҳақорат нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки интернет орқали тарқатилса, бу ҳаракат учун маъмурий жазони кутиш шарт эмас — тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Бунда айбдорга:
88 млн сўмдан 176 млн сўмгача жарима;
240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиши мумкин.
Агар ҳақорат жабрланувчининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши билан боғлиқ ҳолда содир этилса ёки хавфли рецидивист, шунингдек, туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан амалга оширилса, жазо янада оғирлашади.
Бундай ҳолатларда 176 млн сўмдан 264 млн сўмгача жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш жазоси тайинланиши мумкин.

