19 ноябрь куни чиқиши режалаштирилган Grand Theft Auto VI (GTA VI) ўйини атрофидаги шов-шув бутун дунёга тарқалди. Миллионлаб мухлислар янги ўйинни биринчи бўлиб ўйнаш учун ишдан таътил олишни режалаштирмоқда. Айримлар эса бунинг учун раҳбариятига сабабини айтмаслик, ҳатто сохта касаллик варақаси расмийлаштиришгача бормоқда.
Россияда ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳафтасига бир неча марта компьютер ўйинларини ўйнайдиган геймерларнинг 26 фоизи GTA VI премьераси муносабати билан ишдан рухсат олиш ниятида. Умуман, ишлаётган россияликларнинг деярли ҳар тўрт нафаридан бири ҳаётида камида бир марта концерт, кино премьераси, спорт мусобақаси ёки компьютер ўйини сабаб ишдан дам олган.
Тадқиқотда қатнашганларнинг 51 фоизи раҳбариятига дам олишнинг асл сабабини айтмаслигини билдирган. 42 фоизи «шахсий ишларим бор» деган изоҳ билан чекланса, 4 фоизи сохта касаллик варақаси расмийлаштиришга уринишини айтган. Бироқ мутахассислар бундай ҳаракат ишдан бўшатилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
GTA VI атрофидаги қизиқиш иқтисодий фаолликка ҳам таъсир кўрсатган. Sensor Tower таҳлил платформаси маълумотларига кўра, ўйиннинг рақамли олдиндан буюртмаларидан тушадиган даромад 751 миллион доллардан 1,45 миллиард долларгача баҳоланмоқда. Россияда эса ўйин консолларини ижарага олишга талаб бир ҳафта ичида 38 фоизга ошган. PlayStation 5 ижарасига қизиқиш 40 фоизга кўпайган, унинг бир кунлик ўртача нархи 900 рублни ташкил этмоқда.
Қизиғи, ўйинга фақат ёшлар эмас, катталар ҳам қизиқмоқда. Таҳлилларга кўра, GTA VI ҳақидаги материалларни ўқийдиганларнинг 65 фоизи 35 ёшдан ошганлардир. Аудиториянинг қарийб учдан бир қисмини аёллар ташкил этади.
Ўйин премьераси бошқа мамлакатларда ҳам ўзига хос воқеаларга сабаб бўлмоқда. Польшадаги Вроцлав политехника университети талабалари 19 ноябрни дам олиш куни деб эълон қилишни сўраб петиция бошлаган. Бир неча кун ичида уни 1,5 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаган. АҚШнинг Атланта шаҳри полицияси эса геймерларни виртуал ўйиндаги ҳаракатларни ҳақиқий ҳаётга кўчирмасликка чақирган.
Шу билан бирга, Шотландияда яшовчи 38 ёшли Шон Литтл ўйинни бемалол ўйнаш учун бир ҳафталик таътил олган. У ҳатто рафиқаси ва 13 ёшли қизи билан ўзига халақит бермаслик ҳақида шартнома тузган. Шартномага кўра, оила аъзолари уй ишлари билан чалғитмаслик ва ўйин сюжетига оид тафсилотларни олдиндан айтмасликка ваъда берган. Эвазига у рафиқаси ва қизи учун пул ажратган ҳамда оила бюджетига қўшадиган маблағини оширган.

