Эндиликда ходимлар иш берувчи қайси банк билан ишлашидан қатъи назар, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнига олиши мумкин. Янги имконият ҳозирча хусусий сектор ташкилотлари учун жорий этилган.
Бу ҳақда 18 ноябрь куни Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Аввал иш берувчи билан ҳамкорлик қиладиган банкда иш ҳақи картасини очиш талаб этиларди. Агар ходим бошқа банк картасидан фойдаланса, маошини олгач, маблағни бир картасидан бошқасига ўтказишига тўғри келарди.
Энди бу тартиб ўзгарди. Марказий банк ишга туширган Маблағларни тақсимлаш маркази орқали ходим ўзига қулай банкни мустақил танлаши мумкин.
Бунинг учун ходим танлаган банкдаги карта ёки электрон ҳамён реквизитларини иш берувчининг бухгалтериясига тақдим этади. Иш берувчининг банки тўлов маълумотларини Маблағларни тақсимлаш марказига юборади. Тизим маълумотларни текшириб, маблағларни ходим танлаган банкка йўналтиради.
Бунда банк картаси ёки электрон ҳамён ходимнинг ўз номига расмийлаштирилган бўлиши шарт. Ходим кейинчалик ҳам банкни ёки тўлов реквизитларини ўзгартириши мумкин.
Марказий банк маълум қилишича, ҳозирча тизимнинг биринчи версияси ишламоқда ва у хусусий сектор ташкилотларини қамраб олган. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчилар таклифлари инобатга олиниб, тизимга янги имкониятлар қўшиб борилади.

