АҚШнинг Мэриленд штатида сунъий интеллект асосида ишлайдиган қуролни аниқлаш тизими чипс қадоғини ўқотар қурол деб қабул қилди. Натижада мактабга полициянинг қуролланган ходимлари етиб келиб, бир неча нафар ўқувчига нисбатан куч ишлатилган.
Ҳодиса 2025 йил октябрь ойида Балтимор округидаги Кенвуд мактабида содир бўлган. Маҳаллий таълим муассасаларида жорий этилган Omnilert Gun Detect тизими мактаб ҳудудида қурол бўлиш эҳтимоли 90 фоиз экани ҳақида сигнал берган.
Аслида эса тизим ўсмирлардан бирининг қўлидаги чипс қадоғини тўппонча билан адаштирган. Сохта сигналдан сўнг қуролланган полиция ходимлари мактаб ҳудудига кириб, ўқувчиларни қуршаб олган.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўсмирларга тиз чўкишни буюрган, уларнинг қўлларига кишан солган ва тинтув ўтказган. Қизиғи, мактаб маъмурияти ва полиция ходимлари видеокузатув камералари тасвирларини кўриб, тизим хатога йўл қўйганини англаганидан кейин ҳам хавф ҳақидаги сигнал ўчмаган.
Кейинчалик «Қонун доирасида фуқаролик ҳуқуқлари бўйича юристлар қўмитаси» ушбу воқеада жабрланган тўрт нафар вояга етмаган ўсмир манфаатларини ҳимоя қилиб, Балтимор округи судига мурожаат қилган.
Даъво аризасида Omnilert компанияси, Балтимор округи мактаб маъмурияти ва полиция ходимлари ўсмирларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузганлик ҳамда бепарволикка йўл қўйганликда айбланмоқда.

.webp)