Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача белгиланган мақсадларни маълум қилди.
Йиғилишда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Давлат раҳбари таъкидлашича, 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиёти уч баробар ўсган ва мамлакатга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган.
2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш, тармоқда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда юқори технологик маҳсулотлар улушини учдан бир қисмга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, ушбу даврга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қувватларини эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Қайта тикланувчи энергия қувватлари 25 ГВтга, уларнинг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши 54 фоизга етказилади.
Жиззах вилоятида ташкил этилаётган Атом саноати махсус саноат зонасида 15 йўналиш бўйича маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қуриладиган атом электр станциялари эҳтиёжларига йўналтирилади.
Президент Туркия компанияларини тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва «яшил» энергетика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.
Электротехника саноати ҳам икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилди. Ўзбекистон 2030 йилга қадар ушбу тармоқ экспортини 5 миллиард долларга етказиш ва 11,6 миллиард доллар инвестиция жалб қилишни мақсад қилган.
Туркия компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий корхоналар билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Маълумот учун, шу куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 200 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этди.

