NASA маълумотига кўра, инсоният томонидан яратилган энг узоқ космик аппарат — «Вояджер-1» 2026 йил 18 ноябрь куни Ердан бир ёруғлик куни масофасини босиб ўтди. Бу қарийб 25,9 миллиард километр дегани.
1977 йилда учирилган аппарат ушбу масофага 49 йилдан ортиқ давом этган сафаридан сўнг етди. Ёруғлик сигнали Ерга 24 соатда етиб келгани орқали унинг масофаси тасдиқланди.
«Вояджер-1» 2012 йилда Қуёш гелиосферасини тарк этиб, юлдузлараро фазога кирган инсон яратган биринчи аппаратга айланган. Унинг эгизаги «Вояджер-2» эса 2018 йилда ушбу чегарадан ўтган.
Ҳозирда аппаратлар Қуёшнинг магнит майдони ва юлдузлараро муҳитни ўрганишда давом этмоқда. Бироқ «Вояджер-1» 14 ноябрдан буён илмий ва техник маълумотларни Ерга узатмаяпти. Муҳандислар алоқа сигналини қабул қилмоқда ва муаммони бартараф этиш устида ишламоқда.
Қарийб 50 йиллик аппаратлар энергияни плутоний парчаланишидан олади. Уларнинг ҳар бири йилига тахминан 4 ватт энергия йўқотади. Энергияни тежаш чоралари туфайли миссияни камида учирилганининг 50 йиллигигача — 2027 йил ёзигача давом эттириш режалаштирилган.
Аппаратлар бортида Ердаги ҳаёт, товушлар ва тасвирлар ҳақида маълумот берувчи машҳур «Олтин пластинка» ҳам мавжуд. У эҳтимолий бошқа цивилизациялар учун инсониятдан қолдирилган рамзий хабар ҳисобланади.

