Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ўзбекистонда қурилиш материаллари экспортини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда

20.11.2026 15:41

56

Қўшни ва яқин минтақаларда қурилиш маҳсулотларига йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда. Маҳсулотларнинг қўшилган қийматини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хорижий тендерларга жалб қилиш ва логистика тизимини яхшилаш орқали экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича инвесторлар ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда. Унда соҳадаги натижалар, мавжуд муаммолар ва янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилиняпти.

Қайд этилишича, сўнгги 10 йилда қурилиш материаллари саноатига 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилган. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспортни эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етказиш кутилмоқда.

Қўшни ва яқин минтақаларда қурилиш маҳсулотларига йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда. Маҳсулотларнинг қўшилган қийматини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хорижий тендерларга жалб қилиш ва логистика тизимини яхшилаш орқали экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, ички бозорда айрим қурилиш материалларини ишлаб чиқариш қувватлари талабдан юқори бўлса-да, сифат ва бренд билан боғлиқ камчиликлар сабаб импорт давом этмоқда. Хусусан, 161 турдаги маҳсулот бўйича ички талабни қоплаш имконияти мавжуд, бироқ уларнинг импорти йилига 780 миллион долларни ташкил этмоқда. Керамик плитка ишлаб чиқариш қувватлари ички талабдан уч баравар юқори бўлишига қарамай, йирик ўлчамли плиталар импорти учун йилига 25 миллион доллар сарфланади.

Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида Туркиянинг «Betek» компанияси билан Зангиота туманида 30 миллион долларлик лок-бўёқ заводи қурилиши бошланмоқда.

Учрашувда йирик стратегик лойиҳаларни маҳаллий қурилиш материаллари билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Жиззах вилоятида қуриладиган атом электр станцияси учун 2,2 миллиард долларлик қурилиш материаллари талаб этилади. Шу мақсадда Эгизбулоқ маҳалласида 200 гектар майдонда алоҳида солиқ ва божхона режимига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади. Унда станция қурилиши учун зарур 70 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, келгуси йилдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларига икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади. Корхоналарнинг энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизи, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Учрашувда туризм инфратузилмасини ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Кумушконда 47 гектар майдонда маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар томонидан «Олтин бел» мажмуаси барпо этилган. Унда тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва бошқа кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 6 минг нафар меҳмонга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконига эга.

Мажмуада Халқаро туризм академияси курсларида 300 нафар мутахассис тайёрланган. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан харид қилингани лойиҳа таннархини 20 фоизга камайтирган.

Ушбу тажрибани Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш таклиф этилди.

Президент тадбиркорлар билан мулоқотни кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга соҳадаги муаммоларни тезкор ҳал қилиш бўйича вазифалар юклади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган