Мальдив Республикаси президенти Муҳаммад Муиззу хорижий туроператорлар ва онлайн бронлаш платформалари учун жорий этилган 17 фоизлик туризм солиғини бекор қилиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Қарор 2026 йил 19 ноябрда кучга кирди. Бу ҳақда мамлакат президенти маъмурияти хабар берди.
Ушбу солиқ 2026 йил 1 октябрдан бошлаб хорижда фаолият юритувчи, Мальдивда доимий иш жойига эга бўлмаган туроператорлар, туристик агентликлар ва онлайн бронлаш платформаларига нисбатан жорий этилган эди. У меҳмонхона, овқатланиш, транспорт ва бошқа туристик хизматларни қамраб олган.
Бироқ янги солиқ тартиби халқаро туризм соҳаси вакилларининг норозилигига сабаб бўлди. Мальдив Туристик агентликлар ва туроператорлар ассоциацияси (MATATO), шунингдек, Россия, Ҳиндистон, Франция ва Италиядаги йирик туризм компаниялари ушбу ташаббуснинг молиявий ва маъмурий оқибатлари юзасидан хавотир билдирган.
Мальдив ҳукумати дастлаб мазкур солиқ орқали давлат бюджетига йилига қўшимча 1,6 миллиард руфия (MVR) тушум олишни режалаштирган эди. Аммо соҳа вакилларининг эътирозларидан сўнг уни бекор қилиш ташаббуси парламентга киритилди.
17 ноябрь куни парламент қонун лойиҳасини бир овоздан, 66 нафар депутатнинг қўллаб-қувватлаши билан қабул қилди. Икки кундан кейин президент уни тасдиқлади. Янги қонунга мувофиқ, 1 октябрдан бошлаб мазкур тартиб асосида ундирилган солиқ маблағлари ҳам қайтарилиши белгиланган.

