Ҳиндистонда сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш жараёнида 130 миллионга яқин киши рўйхатдан чиқарилган. АҚШ Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) ушбу жараёнда мусулмонларга нисбатан диний камситиш ҳолатлари кузатилаётганини билдирмоқда.
Комиссия раиси Осиф Маҳмуд Ҳиндистон ҳукуматини мусулмон фуқароларни сайловчилар рўйхатидан чиқариш, уларни «чет элликлар» деб аташ ва депортация қилишда айблади.
USCIRF маълумотларига кўра, Ҳиндистонда 200–220 миллион нафар мусулмон истиқомат қилади. Бу мамлакат аҳолисининг 14,5–15,6 фоизини ташкил этади.
Ҳиндистон Марказий сайлов комиссияси эса рўйхатдан такрорий маълумотлар, вафот этганлар ва овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар чиқарилаётганини билдирган. Хатолик туфайли рўйхатдан чиқарилган фуқароларга апелляция бериш имконияти ҳам мавжуд.
Масалага оид баҳслар октябрь ойида мамлакатда йирик намойишларга сабаб бўлди. Сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқишга қарши чиққан намойишларда 5 мингдан ортиқ киши қўлга олинган. Намойишчилар Бош сайлов комиссарининг истеъфосини ва аввалги сайловчилар рўйхатини тиклашни талаб қилган.
Мутахассислар фикрича, низонинг асосий сабабларидан бири фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатларга қўйиладиган талаблар кучайтирилганидир. Танқидчилар зарур ҳужжатлар мусулмонлар, мигрантлар ва кам таъминланган аҳолининг бир қисмида мавжуд эмаслигини таъкидламоқда.
Ҳиндистон ҳукумати эса АҚШ комиссиясининг айбловларини рад этиб, унинг ҳисоботини бирёқлама деб баҳолаган.

