Бразилиянинг жанубидаги Риу-Гранди-ду-Сул штатида кучли бўрон юз берди. Табиий офат оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, 60 киши жароҳатланди. Минглаб уйлар ва ижтимоий инфратузилма объектларига зарар етди.
Энг катта талафот Тупансиретан муниципалитетида кузатилган. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, шаҳардаги 8,5 мингга яқин уйнинг 5 мингдан ортиғи томсиз қолган. 21 ноябрь куни эълон қилинган янгиланган ҳисоботда эса ҳудудда 7 мингта уйнинг томи шикастлангани, 15 мингдан ортиқ аҳоли бўрондан зарар кўргани қайд этилган.
Метеорологик кузатувлар давомида шамол тезлиги соатига 114 километрга етган. Довул 20 ноябрь куни тахминан соат 03:00 да бошланиб, бир соатга етмай давом этган. Шунга қарамай, кучли шамол қарийб 100 туп дарахтни қулатган, электр тармоқлари ва йўлларга зарар етказган. Шаҳарда электр энергияси, сув, телефон ва интернет таъминотида узилишлар кузатилган.
Тупансиретандаги шифохона ҳам зарар кўрган. Бино атрофидаги қулаган дарахтлар тез ёрдам машиналарининг ҳаракатини қийинлаштирган, шифохона томининг шикастланиши сабаб 11 нафар бемор бошқа тиббиёт муассасаларига кўчирилган.
Бўрон оқибатлари штатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қайд этилган. 21 ноябрь куниги дастлабки ҳисоботга кўра, 33 та муниципалитетда жами 19 663 киши табиий офатдан жабрланган. Штат бўйича 7 175 та уйнинг томи шикастланган, 468 та уйга бошқа зарар етган. Шунингдек, 28 та таълим муассасаси ва учта тиббиёт муассасаси зарар кўрган.
Мутахассислар ҳозирча вайронагарчиликка айланма ҳаво оқимига эга кучли момақалдироқ тизими — суперҳужайра сабаб бўлганини тахмин қилмоқда. Шунингдек, шамолнинг кескин кучайишига «микропортлаш» деб аталадиган ҳаво оқими ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Торнадо эҳтимоли ҳам истисно этилмаган, аммо бу ҳодиса ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Штат ҳукумати қутқарув ва тиклаш ишларини ташкил этиш учун фавқулодда хизматлар, ўт ўчирувчилар ва ҳарбий бўлинмаларни жалб қилган. Дастлабки ёрдам сифатида 2 миллион бразилия реали ажратишга қарор қилинган, кейинчалик Тупансиретан учун умумий ёрдам миқдори 7 миллион реалга етказилган.
Айни пайтда қутқарув хизматлари зарар кўрган ҳудудларда иш олиб бормоқда. Метеорологлар эса штатнинг айрим қисмларида кучли ёмғир, дўл ва шамол кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берган.

