21 ноябрь куни Перунинг марказий қисмида 6,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Ер силкиниши мамлакат пойтахти Лима ва бошқа бир қатор ҳудудларда ҳам сезилган.
Перу Геофизика институти маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи Анд тоғлари ҳудудида, Хунин минтақасидан 30 километр шимоли-ғарбда, 129 километр чуқурликда жойлашган. АҚШ Геология хизмати ҳам зилзила магнитудасини 6,7 деб баҳолаган.
Кучли силкинишлар оқибатида тоғ ёнбағирларида кўчкилар ва тош қулашлари кузатилган. Хунин минтақасида бир нечта турар жой биноларига енгил шикаст етган, айрим ҳудудларда электр таъминоти узилган ва транспорт ҳаракатида узилишлар юзага келган.
Зилзила эпицентридан қарийб 300 километр узоқликда жойлашган Лима шаҳрида ҳам ер силкинишлари сезилган. Пойтахтнинг Мирафлорес сайёҳлик ҳудудида юзлаб одамлар хавфсизлик нуқтаи назаридан офислар ва биноларни тарк этиб, кўчага чиққан.
Дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган. Мамлакатнинг фавқулодда вазиятлар хизмати хавф юқори бўлган ҳудудларда вазиятни кузатишни давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Перу Тинч океанидаги «Оловли ҳалқа» деб аталувчи юқори сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Мамлакатда ҳар йили 400 дан ортиқ ер силкиниши қайд этилади. Уларнинг аксарияти кучсиз бўлгани сабабли аҳоли томонидан сезилмайди.

