Исроилдаги Вейцман институти олимлари инсоннинг юриш тарзи орқали унинг саломатлиги, жумладан, жигар ҳолати ва уйқу сифатига оид маълумотларни аниқлаш мумкинлигини маълум қилди. Тадқиқот натижалари Nature Medicine илмий журналида эълон қилинган.
Маълум қилинишича, олимлар сунъий интеллект ёрдамида 3 328 нафар катта ёшли инсоннинг ҳаракатларини таҳлил қилган. Уч ўлчамли тасвирлар асосида ишлайдиган алгоритм юриш биомеханикаси билан саломатликка оид 3 210 та кўрсаткич ўртасидаги боғлиқликни ўрганган. Натижада 1 887 та кўрсаткич билан статистик жиҳатдан аҳамиятли боғлиқлик аниқланган.
Тадқиқотдаги энг қизиқарли натижалардан бири инсоннинг юриш ҳаракатлари орқали жигар ҳолатини баҳолаш имконияти билан боғлиқ. Хусусан, сунъий интеллект модели юриш механикасига қараб жигар тўқимасининг қаттиқлигини, жумладан, фиброз белгилари билан боғлиқ ўзгаришларни олдиндан баҳолай олган. Бу натижаларнинг аниқлиги стандарт қон таҳлиллари орқали олинадиган кўрсаткичлар билан таққосланадиган даражада бўлган.
Шунингдек, инсон танасининг елка ва сон оралиғидаги қисми ҳаракатлари орқали уйқу сифатига оид маълумотларни ҳам аниқлаш мумкинлиги кузатилган. Алгоритм уйқу апноэси, уйқусизлик ва етарли дам олмаслик билан боғлиқ ҳаракат хусусиятларини ажрата олган.
Бироқ тадқиқот муаллифлари бу технологияни ҳозирча тиббиёт амалиётига кенг жорий этишга шошилмаслик кераклигини таъкидламоқда. Сабаби, тадқиқот иштирокчиларининг ҳолати муайян вақт давомида баҳоланган. Шу боис аниқланган боғлиқликлар касаллик юриш тарзини ўзгартириши ёки аксинча, ҳаракат хусусиятлари саломатликдаги ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳақида ҳозирча қатъий хулоса қилиш мумкин эмас.

