Ўзбекистонда такомиллаштирилган лотин алифбосига ўтилиши муносабати билан фуқароларнинг амалдаги шахсий ва мулкий ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлари ўз юридик кучини сақлаб қолади.
Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда.
Ҳужжатга кўра, қонун кучга кирган санадан бошлаб ID-карталар, хорижга чиқиш паспортлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобил техник паспортлари ва кадастр ҳужжатлари такомиллаштирилган алифбода расмийлаштирилади.
Бироқ амалдаги алифбода тайёрланган ҳужжат бланкаларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилади.
Шунингдек, фуқароларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми эски ёки янги алифбода ёзилгани сабабли давлат хизматларидан фойдаланиш ёки ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
