Индонезиянинг Бантен вилоятидаги қандолатчилик фабрикасида содир бўлган кучли ёнғин оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Яна ўнлаб ишчилар бедарак йўқолган. Фожиа юзасидан қидирув-қутқарув ва тергов ишлари давом этмоқда.
Reuters агентлигининг хабар беришича, ёнғин 21 ноябрь куни Жакартадан тахминан 50 километр узоқликдаги Чиканде ҳудудида жойлашган PT Fonusa Agung Mulia фабрикасида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин бинодаги кондиционер тизимида юзага келган қисқа туташув оқибатида бошланган бўлиши мумкин. Бироқ бу тахмин ҳали расман тасдиқланмаган.
Аланга қисқа вақт ичида бинога тарқалиб, ишчиларнинг эвакуация қилинишини қийинлаштирган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни жиловлаш учун қарийб 14 соат курашган. Ҳодиса вақтида фабрика мажмуасида тахминан 300 нафар киши бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, 24 киши ҳалок бўлган, 29 нафар ишчи қутқарилган. Уларнинг беш нафари турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Бедарак йўқолган ишчиларни қидириш ишлари давом этмоқда.
Фожианинг яна бир оғир жиҳати — ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш жараёни мураккаб кечаётганидир. Ёнғиннинг юқори ҳароратда содир бўлгани сабабли айрим жасадларни ташқи кўринишидан таниб олиш имкони бўлмаган. Шу боис ҳуқуқ-тартибот идоралари бедарак йўқолганларнинг қариндошларидан ДНК намуналарини олмоқда.
Айни пайтда полиция ёнғиннинг аниқ сабабларини, шунингдек, корхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилган-этилмаганини текширмоқда.
