Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Унга кўра, мамлакатга 252,5 миллион АҚШ доллари қайтарилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, битим 2026 йил 24 ноябрь куни тасдиқланган. Маблағлар «Ишонч – 2030» (Uzbekistan Vision 2030 Fund) траст жамғармаси орқали аҳоли фаровонлигини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичи Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг мамлакатдаги доимий координатори Сабине Маҳл томонидан имзоланди.
Жамғарма Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, Швейцарияда мусодара қилинган активларни Ўзбекистон халқи манфаатлари учун қайтариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Қайтариладиган маблағлар соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги устувор ижтимоий дастурларга йўналтирилади. Хусусан, болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, янги мактаблар қуриш, таълимга рақамли технологияларни жорий этиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш кўзда тутилган.
Маблағларни тақсимлаш ва сарфлаш жараёнлари БМТ ҳамда Жаҳон банки иштирокидаги дастурлар орқали амалга оширилади. Лойиҳаларни танлаш, уларнинг ижроси ва натижаларини мониторинг қилишда шаффофлик, ҳисобдорлик ҳамда жамоатчилик иштироки таъминланиши белгиланган.
Маълумот учун, жамғарманинг биринчи босқичи доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Ушбу маблағлар оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга сарфланган.

