АҚШнинг Бостон шаҳрида Сальвадордан келган ноқонуний мигрант лотереяда 1 миллион доллар ютиб олганидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинди. Унга нисбатан аввалдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлган.
АҚШ Иммиграция ва божхона полициясининг (ICE) Бостон бўлинмаси Ариэль Антонио Веласкес-Моралес исмли шахсни қўлга олди. Маълум қилинишича, у 2013 йилда Техас штатидаги Рома шаҳри яқинидан АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. 2014 йил баҳоридан эса уни депортация қилиш тўғрисида қарор мавжуд бўлган.
18 ноябрь куни Массачусетс штати лотереяси ташкилотчилари унга 1 миллион долларлик ютуқ чекини топширган. Бир неча кун ўтиб, лотерея ташкилотининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ғолибнинг сурати ҳам эълон қилинган. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг турган жойини аниқлаган.
Сешанба куни эрталаб Бостонда уни ҳибсга олишга уриниш вақтида мигрант қочишга ҳаракат қилган. Бироқ ICE агентлари уни тез орада қўлга олган.
Қайд этилишича, Массачусетс қонунчилигига кўра, лотерея чиптасини сотиб олиш ва ютуқни олиш учун АҚШ фуқароси бўлиш ёки мамлакатда қонуний яшаш мақомини тасдиқлаш шарт эмас. Иштирокчилар учун ягона талаб — вояга етган бўлиш.

