МАКТУБ...
ИБРАТ МАКТАБИ БЎЛДИ
Тараққиёт, янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида кўп гапиряпмиз, эшитяпмиз. Энг муҳими, буларнинг самарасини ўз ҳаётимиз ва келажак уфқларимизда чуқур ҳис этяпмиз. Бу саъй-ҳаракатларнинг замирида шу Ватаннинг эртаси, истиқболи бундан-да ёруғ ва барқарор бўлиши, бугунги ёш авлоднинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши йўлидаги тизимли ва фидойи меҳнат ётибди. Ўйлаб кўрсак, бир оилани бошқариш ҳам гоҳида осон кечмайди – турмуш ташвишлари ва фарзандлар тарбияси ҳар бир ота-онадан сабр ва бардош талаб қилади. Кичик бир хонадоннинг тинчлиги, файзи ва тўкинлиги ортида қанча машаққат ва меҳр ётганини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо гап бутун бир давлат, миллионлаб инсонлар тақдири, халқнинг тинчлиги ва юртнинг кўп асрлик келажаги ҳақида кетганда, бу масъулият залвори нечоғли улкан эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Эътибор берсак, сўнгги ўн йилда ҳатто биз номини камдан кам эшитган ёки алоқаларимиз чекланган давлатлар ҳам бугун Ўзбекистонни ҳамкорликка таклиф этмоқда, мамлакатимиз билан стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга интиляпти. Дунёнинг турли қитъа ва минтақалари билан йўлга қўйилаётган очиқ, прагматик ва фаол мулоқот – халқаро майдонда юртимизга бўлган ишонч, ҳурмат ва эътиборнинг яққол ифодасидир. Президентимизнинг Иорданияга давлат ташрифи чоғида набираси Шавкатбекка йўллаган мактубини ўқир эканмиз, бу сўзлар аслида бутун халқимизга, Ўзбекистон болаларига қаратилган чин маънодаги маънавий мурожаат эканини янада теранроқ ҳис этдик. Назаримда, унинг ҳар сатри, ҳар жумласи, ҳар сўзида неча йиллар давомида кечаю кундуз мамлакат тақдири, миллат истиқболи тўғрисида қайғуриб келаётган Президентимизнинг улуғ нафаси, гоҳ суюниб, гоҳ куюниб турган жасоратли қиёфаси акс этиб тургандек эди гўё. Президентимизнинг ўй-хаёллари, орзу-умидлари мужассамлашиб кетган илҳомбахш сўзларни ўқиганда, бошқалар ҳам мендаги ҳолатни бошдан кечирган бўлсалар керак, деб ўйлайман.
Халқимиз азалдан ёши улуғларнинг сўзини қадрлаб, бобо ва бувилар ўгитини ҳаётий сабоқ деб билган. Фарзанд ва набира камолини кўриш, уларнинг биздан-да бахтли, билимли ва муносиб инсонлар бўлиб вояга етишини исташ миллатимизга хос фазилат. Пиру бадавлат боболар ва бувижонлар айтган ҳар бир насиҳат замирида йиллар давомида тўпланган ҳикматга тўла ҳаётий тажрибалар, келажак авлоднинг бахтли ва фаровон яшашига бўлган эзгу истаклар мужассам. Шу маънода, Президентимизнинг набирасига йўллаган мактуби менда ҳам чуқур таассурот қолдирди. Бу мактубни фақат бир бобонинг набирасига йўллаган дил сўзлари деб эмас, балки ёш авлод камоли учун қайғурадиган мамлакат раҳбарининг бутун халқимиз фарзандларига йўллаган мурожаати сифатида қабул қилишимиз ўринли, деб ўйлайман.
Президентимизнинг набирасига битган мактубида ҳам ана шу эзгу қарашлар, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган меҳр ва масъулият туйғуси яққол сезилади. Назаримда, мактубнинг энг муҳим жиҳати ҳам шунда: унда меҳр ифодаси орқали барчамиз учун аҳамиятли бўлган тарбия, оила, инсонийлик ва келажак авлод олдидаги бурч масалалари кўтарилган. Унда Шавкатбек тимсолида юртимиздаги ҳар бир ўғил-қиз, ҳар бир хонадон фарзандига бўлган боболарча меҳр ва оталарча ғамхўрлик мужассамлашган. Мактубдаги “Халқим тунда осуда ухлаши учун ҳам мен доим бедор бўлмоғим керак” деган сўзлар бизни чуқур ўйга толдириши керак. Давлат раҳбарининг уйқусиз тунлари, юрт эртаси учун ёнаётган қалби ва ҳар бир фуқаро тақдирига дахлдорлик фалсафаси эл-юрт ёшларини бефарқлик ва лоқайдликдан уйғотиши лозим. Мактубда шахсий тақдир ва умуммиллий масъулият уйғунлашган. Сафарлар машаққати, вақт етишмовчилиги ва уйқусиз тунлар замирида биргина оила эмас, балки бутун Ўзбекистоннинг миллионлаб ўғил-қизлари тақдири, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёти тургани таъкидланиши Янги Ўзбекистон сиёсатининг асл моҳияти – инсон қадрини улуғлаш тамойилини янада ёрқин очиб беради.
Айниқса, давлат раҳбарининг ўз болалик йилларини эслаши, ўша даврнинг машаққатларини бугунги авлод ҳаёти билан қиёслаши алоҳида эътиборга молик. Дарҳақиқат, ўша давр болаларининг ўқувчилик ва талабалик йиллари пахта далаларида, оғир меҳнатда ўтган. Улар саломатлигини гаровга қўйиб, самолётда заҳарли дорилар сепилган пайкаллардан пахта теришга мажбур эди. Қанчадан қанча тенгқурларимиз соғлиғини бой бериб, ўша йилларнинг оғир меҳнати қурбони бўлганини ҳалигача қалбимизда қолган жароҳатлар билан эслаймиз. Бир пайтлар бола китоб ўқиши, илм олиши керак бўлган вақтда унинг далада меҳнат қилгани, бугун эса фарзандларимизнинг замонавий мактабларда таълим олиши, ўз қобилиятини намоён этиши, дунё илм-фанининг энг илғор ютуқларини ўзлаштириши учун шароит яратилаётгани катта тарихий ўзгаришдир. Бу икки манзара ўртасидаги фарқни англаш учун узоқ изоҳ шарт эмас. Бунинг учун ўтмишни унутмаслик ва бугуннинг қадрига етиш кифоя. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, ёшларни янги Ўзбекистон келажагининг бунёдкорлари деб эъзозлаган, болалар ва ёшлар мажбурий меҳнатининг оғир оқибатларини юракдан ҳис этган Президентимиз катта шижоат билан мажбурий меҳнатнинг барча турларига чек қўйди.
Мен болалар матбуоти вакили сифатида мактубнинг айнан шу жиҳатига алоҳида тўхталишни истардим. Чунки бола меҳнатдан озод этилиб, мактабга қайтарилганининг ўзи ҳали унинг келажаги тўла таъминланди дегани эмас. Унинг қўлига сифатли таълим, яхши китоб, эзгу мақсад, мустақил фикрлаш имконияти ҳам берилиши керак. Болаликнинг энг катта бойлиги, назаримда, ана шу имкониятлардан оқилона фойдалана олишдир.
Мактубда илм олиш, хорижий тилларни ўрганиш, китоб мутолааси, замонавий технологиялар ва сунъий идрок имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Бугунги шиддатли даврда гаджетлар ва сунъий интеллект имкониятларидан онгли ва самарали фойдаланиш, уларга қарам бўлиб қолмасдан, ҳақиқий билим ва хорижий тилларни пухта эгаллашга қаратилган ўгитлар ҳам бутун бир авлод учун берилган ҳаётий сабоқдир.
Мактубнинг яна бир муҳим жиҳати Ватанга муҳаббат ва миллий ғурур масаласидир. Мамлакат етакчисининг қалбини хорижий сафарларда юрт соғинчи қамраб олиши, ана шундай дамларда Ўзбекистон байроғига қараши ҳақидаги сатрлар чуқур рамзий маънога эга.
Болага Ватанини севишни ўргатиш учун, аввало, унинг қалбида шу юртга тегишлилик туйғусини тарбиялаш лозим. У туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган, аждодларимиз яшаб, мерос қолдирган муқаддас заминни эъзозлаши, мамлакатининг ютуқларидан фахрланиши, камчиликларини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшишга интилиши керак. Байроқни қадрлаш ҳам ана шу кенг маънодаги ватанпарварлик тарбиясининг бир қисмидир.
Мактубни ўқиб, яна бир ҳақиқатга амин бўлдим. Фарзанд тарбияси фақат ота-онанинг ёки мактабнинг вазифаси эмас. Бу бутун жамиятнинг масъулияти. Оила болага меҳр ва одоб беради, мактаб билим ва тафаккурини шакллантиради, китоб унинг маънавий оламини бойитади, матбуот эса жамиятдаги муҳим воқеа-ҳодисаларни ёш авлод нигоҳи билан англашга, уларда дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилади. Шу маънода, қарийб бир асрлик тарихга эга «Тонг юлдузи» газетасининг бош мақсади ҳамиша болалар дунёсига яқин бўлиш, уларнинг қалби ва тафаккурига эзгулик уруғларини қадашдан иборат бўлиб келган. Газетамиз неча-неча авлоднинг болалик хотиралари, орзу-интилишлари, илк ижодий изланишлари минбаридир. Унинг саҳифаларида болаларнинг қувончи, саволлари, кашфиётлари, тенгдошлари билан баҳам кўрмоқчи бўлган фикрлари акс этиб келади. Биз учун ҳар бир ўқувчи эртанги куннинг бунёдкори, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсондир. Шунинг учун ҳам газетамиз олдида турган вазифа фақат қизиқарли материаллар бериш, турли тадбирларни ёритиш билангина чекланмайди. Биз болаларга фикр берадиган, савол туғдирадиган, изланишга ундайдиган, эзгулик ва бунёдкорликка чорлайдиган мазмунни тақдим этишимиз керак. Ёш ўқирман газета саҳифаларини варақлаганида ўзига керакли билимни топиши, тенгдошларининг ютуқларидан руҳланиши, ҳаётга теранроқ қарашни ўрганиши лозим.
Президентимизнинг Шавкатбекка ёзган мактуби шу маънода катталар учун ҳам ўзига хос бир мезон бўлиб хизмат қилади. У бизни фарзандлар олдидаги бурчимиз ҳақида ўйлашга ундайди. Болаларимизга қандай дунёни қолдирамиз? Уларга фақат моддий имкониятлар, замонавий уйлар, қулай шароитлар керакми ёки мустақил фикр, мустаҳкам ирода, юксак маънавият ва Ватанга садоқат ҳам мерос бўлиб қолиши керакми? Бу саволларнинг жавоби бугунги тарбиямизда, фарзандларимиз билан ўтказаётган вақтимизда, уларга кўрсатаётган муносабатимизда мужассам. Зеро, келажак ўз-ўзидан бунёд бўлмайди. Уни бугун тарбиялаётган, билим бераётган, қалбига эзгулик сингдираётган авлодимиз барпо этади.
Шу ўринда айтиш мумкинки, ушбу мактубни, албатта, ота-оналар, буви-буважонлар ҳам ўқиши керак, деб ҳисоблайман. Оила — бу манба, илдизлар, усиз шахс шаклланмайди. Агар оила оилавий меросни сақламаса, ўтган авлодларнинг урф-одатлари, анъаналари ҳақида гапирмаса, ҳамма ҳаракат фойдасиз бўлади. Зеро, тарбиянинг энг гўзали уйда унганидир.
Яна бир муҳим масала – ёшларнинг миллий ўзлиги ва тарихий хотирасидир. Дунё эшиклари кенг очилаётган бугунги даврда фарзандларимиз хорижий тилларни ўрганиши, дунё халқларининг маданияти билан танишиши, халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиши зарур. Бироқ дунёни таниш ўзликни унутиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Аксинча, ўз тарихини, она тилини, аждодлари меросини чуқур билган инсонгина дунё билан тенгма-тенг мулоқот қила олади. Мактубда тарихий хотира ва замонавий тараққиётнинг ўзаро боғлиқлиги чуқур таҳлил этилган. Аждодлардан қолган бой мерос бугунги авлоднинг илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги интилишлари билан давом этади. Шу билан бирга, ахборот ва технологиялар жадал ўзгараётган даврда фарзандларимиз нимани ўрганиш, нимадан узоқ туриш ва вақтини қандай сарфлаш борасида мустақил қарор қабул қила олиши керак. Болани тайёр жавобларгагина ўргатиш эмас, уни тўғри фикрлашга ва танлови учун масъулиятни ҳис этишга йўллаш ҳам тарбиянинг муҳим қисмидир. Аждодларимиз қолдирган буюк илмий, маърифий ва маънавий меросга муносиб бўлиш учун замон талабларини чуқур англаш ва мустаҳкам билим пойдеворини яратиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бугунги ёшларнинг ўйлари, фикрлаш тарзи, ҳаётга қарашлари биз тенгиларникидан тубдан фарқ қилади. Улар билимдон, сермулоҳаза, шиддаткор, соҳибжуръат. Уларнинг воқеликка теран муносабати, йирик ва мураккаб вазифаларни бемалол уддалашлари ҳавасингизни келтиради. Президентимизнинг набирасига йўллаган мактубида айнан мана шу, авлодга хос интилишлар билан бирга, ҳаётда қийинчилик ёки муваффақияцизликка дуч келганда руҳан чўкмаслик, йиқилганда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билиш ҳақида ҳам сўз юритилади. Мамлакат етакчисининг бу фикрлари эса матонат, ирода ва руҳий қувват бағишлайди. Чунки улуғ мақсадлар йўлидаги қатъият ва сабр-бардош фақат бир кишига эмас, балки бутун мамлакат ёшларига керак бўладиган ҳаётий таянчдир.
Мамлакат етакчисининг набирасига ёзган дил сўзлари миллионлаб болаларга етиб бориши, бир оиланинг меҳрга тўла суҳбатидан бутун жамият учун аҳамиятли хулоса туғилиши унинг маънавий қимматини янада оширади. Чунки болалар катталарнинг насиҳатидан кўра, кўпроқ ҳаётий тажрибаси, тутуми ва амали орқали тарбия топади.
Шавкатбекнинг бобосига берган саволи бутун халқимиз фарзандларига миллат отасининг орзу-умидларини англашга яна бир бор имкон берди. Фарзандларимиз ва набираларимиз тарбиясида ҳам Президентимизнинг ушбу мактуби биз учун ўзига хос ибрат мактаби бўлди. Ундан ҳар биримиз ўзимизга тегишли хулоса чиқариб, зиммамиздаги масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этдик. Ишонаманки, бу мактуб ёш авлодни эзгу мақсадлар сари интилишга ундаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда авлодлар ўртасидаги меҳр ва маънавий ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Феруза СОЙИБЖОН қизи,
Ўзбекистон болалар ва ўсмирларининг «Тонг юлдузи» газетаси Бош муҳаррири,
II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби.

