Сунъий интеллект технологиялари фақат матн ёзиш, маълумот таҳлил қилиш ёки саволларга жавоб бериш билан чекланиб қолмаяпти. Бугун соҳа ривожида икки муҳим йўналиш — рақамли сунъий интеллект агентлари ва жисмоний сунъий интеллект тизимлари алоҳида ўрин тутмоқда. Уларнинг асосий фарқи шундаки, бири рақамли муҳитда ахборот ва дастурлар билан ишласа, иккинчиси реал дунёдаги ҳаракатларни бошқаради.
Сунъий интеллект агентлари инсоннинг ҳар бир қадамини белгилаб беришини талаб қилмасдан, мустақил равишда вазифаларни режалаштириш ва бажариш имконига эга. Улар маълумотлар базасига мурожаат қилиш, код ёзиш ва текшириш, корхона бошқарув тизимларини янгилаш, буюртмаларни тақсимлаш ҳамда хабарномалар юбориш каби ишларни амалга оширади. Бундай тизимлар асосан матн, код ва рақамли маълумотлар билан ишлайди.
Жисмоний сунъий интеллект эса ушбу имкониятларни роботлар, учувчисиз транспорт воситалари, омбор ускуналари ва саноат дронларига татбиқ этади. Улар камера, радар, лидар ва бошқа сенсорлар орқали атроф-муҳитни англайди, ҳаракатларни режалаштиради ҳамда мотор ва бошқа механизмларни бошқаради. Бундай тизимлар гравитация, ишқаланиш, инерция ва ёруғлик ўзгариши каби реал шароитларни ҳисобга олиши керак.
Икки йўналиш ўртасидаги муҳим фарқ хатоларнинг оқибатида ҳам намоён бўлади. Рақамли агентнинг нотўғри ҳаракатини айрим ҳолларда бекор қилиш ёки тизимни аввалги ҳолатига қайтариш мумкин. Жисмоний сунъий интеллектда эса нотўғри қарор юкнинг тушиб кетиши, ускунанинг шикастланиши ёки ишчиларнинг жароҳатланишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис бундай технологияларда хавфсизлик, тезкор назорат ва реал шароитларга мослаштирилган синовлар муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар фикрича, келгусида ушбу икки технология бир-бирини тўлдириб ишлайди. Масалан, ақлли заводларда рақамли агентлар ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштириб, захираларни назорат қилса, жисмоний сунъий интеллектга асосланган роботлар маҳсулотларни йиғиш, ташиш ва текшириш вазифаларини бажаради.
Gartner прогнозларига кўра, 2028 йилга бориб агентли сунъий интеллект корпоратив дастурий иловаларнинг 33 фоизига интеграция қилиниши мумкин. 2024 йилда бу кўрсаткич 1 фоиздан ҳам кам бўлган. Morgan Stanley таҳлилчилари эса 2050 йилга келиб гуманоид роботлар бозори 5 триллион долларга етиши, уларнинг умумий сони бир миллиарддан ошишини прогноз қилмоқда. Кутилган роботларнинг 90 фоизи саноат ва тижорат соҳаларида қўлланилиши мумкин.

