Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Қашқадарёда чорва учун озуқа хариди харажатларининг 10 фоизи қоплаб берилади

25.11.2026 22:05

12

Шунингдек, чорвачилик учун ажратилган яйловларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 2030 йилга қадар республика бўйича 1 миллион гектар яйловга дронлар ёрдамида озуқабоп экинлар уруғини сепиш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш ва озуқа таъминотини яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда Қашқадарё вилоятининг саккизта туманида хорижий тажриба асосида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқабоп экинларни етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Шунингдек, 2027 йилдан Қашқадарё вилоятида аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва учун озуқа хариди харажатларининг 10 фоизини субсидиялаш тизимини синов тариқасида жорий этиш таклиф қилинди.

Вилоятда мисрлик олимлар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ва уруғчилик марказларини ташкил этиш, маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли навларни яратиш ҳам режалаштирилган.

Тақдимотда республика бўйича озуқа етиштириш ҳажмини 2027 йилда 64,5 миллион тоннага, 2030 йилга бориб эса 90 миллион тоннага етказиш вазифаси белгиланди. Бунинг учун 2030 йилгача 200 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, келгуси йилда эса ушбу ишларни 50 минг гектарда амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, чорвачилик учун ажратилган яйловларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 2030 йилга қадар республика бўйича 1 миллион гектар яйловга дронлар ёрдамида озуқабоп экинлар уруғини сепиш режалаштирилган.

Ҳудудларда 100 дан ортиқ озуқа марказлари ва шохобчаларини ташкил этиш орқали озуқа етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг ягона тизими яратилади.

Тақдимотда таклиф этилган чора-тадбирлар натижасида қорамолларни сўйишга топширишдаги тирик вазнини 250–350 килограммдан 450–550 килограммга етказиш ҳамда қўшимча 400 минг тонна гўшт етиштириш имконияти яратилиши таъкидланди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган